Uzbekistan Cycling Federation
      

Козим Ўринбойхўжаев: "МОҚ раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар тез орада самара беришига ишонаман".


15.03.2018

Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида деярли ҳар куни турли йиғилишлар ташкил қилинмоқда.
Жумладан, кеча, 13 март куни юртимиздаги Олимпия захиралари коллежлари директорлари, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг худудий бошқармалари бошлиқлари ҳамда республика спорт федерация ва ассоциациялар раҳбарлари иштирокида катта йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Козим Ўринбойхўжаев ҳам иштирок этди. Фурсатдан фойдаланиб, Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати Козим Ўринбойхўжаев билан интервью ташкил қилди.

— Республикамизда сўнгги пайтларда амалга оширилаётган спорт соҳасидаги ислоҳотлар, янгиликлар ҳақида қандай фикрдасиз?

— Куни кеча муҳтарам Президентимиз томонидан Жисмоний тарбия ва спорт бошқарув тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида фармон қабул қилинди. Ушбу муҳим ҳужжат билан танишиб чиқиб, унинг қанчалик мукаммал эканлиги, спорт соҳасини янада ривожлантиришга катта туртки бўлишига бевосита гувоҳ бўлиб турибман. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда бутун спорт тизими қайта ислоҳ қилинмоқда. Тизимда олдин йўл қўйилган хато ва камчиликлар чуқур ўрганиб чиқилгани, унга бўлган янгича ёндошув шундоққина кўриниб турибди. Фармонда Миллий олимпия қўмитаси ва янги тузилган Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамкорликда ишлаши, барча федерациялар бир ёқадан бош чиқариб, ягона мақсад сари интилиши кўрсатилган. Барчамизнинг мақсадимиз битта: Ўзбекистонда спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва Олимпия ўйинларида катта ютуқларга эришиш.

Ўзбекистонда етишиб чиқаётган ёш авлодни ҳам жисмонан, ҳам маънан тарбия қилишда бунинг аҳамияти катта деб ҳисоблайман. Фармон қабул қилинишидан олдин Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарияти томонидан бир қанча учрашувлар ташкиллаштирилди. Жамоатчилик фикри ўрганилди. Бу ҳам қайсидир маънода фармонни мукаммал кўриниш ҳосил қилиши учун хизмат қилди десак муболаға бўлмайди.

— Эътибор берган бўлсангиз, фармонда Олимпия захиралари коллежлари фаолиятига ҳам алоҳида урғу берилган. ОЗКлар терма жамоамиз базаси бўлиши кераклиги, ҳақиқий иқтидорлар, терма жамоамизга лойиқ бўлган спортчилар айнан у ерда таҳсил олиши ҳақида аниқ ва равшан келтириб ўтилган. Шахсан ўзингиз кеча МОҚда ташкил этилган Республикамиздаги ОЗКлари раҳбарлари, вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармалари, федерациялар вакилларининг қўшма йиғилишида иштирок этдингиз. Велоспорт мисолида оладиган бўлсак, ОЗКларда кутилаётган ўзгаришлар қандай самара беради деб ўйлайсиз?

—Тўғри айтингиз, кеча бўлиб ўтган йиғилишда биз учун қувонарли янгиликлар бўлди. Чунки, биз шу пайтгача ОЗКларда таҳсил олаётган ўқувчилар у ерга ким томонидан ва қандай мезонлар асосида қабул қилинаётгани ҳақида тушунчага эга эмасдик. Федерациялар ва ОЗКлар ўртасида алоқа бўлмаган. Коллежга кирган ўқувчилар натижа кўрсата бошлаганидан сўнггина уларни таний бошлаганмиз. У ерга ким қабул қилиняпти? Кўрсаткичлари қандай? Велоспортга қизиқадими, йўқми? Шу каби саволлар биз учун мавҳум бўлиб қолган. Албатта, бу борадаги янгилик қувонарли ҳолат бўлди. Бизда велоспортга мослашган, спортнинг ушбу тури ривожланган худудлар бор. Кечаги мажлисда ОЗКлар тизими оптимизация қилинди десак тўғри бўлади. Велоспорт оқсаётган худудлардаги квоталар Хоразм вилояти каби спортнинг ушбу турига талаб катта коллежларга берилди. Хоразм воҳаси ҳақида гапирадиган бўлсак, у ерда велоспорт анчадан бери ривожланиб келган.Лондондаги Олимпия ўйинлари иштирокчиси, икки карра Осиё чемпиони Муроджон Холмуродов, халқаро мусобақалар ғолиби Достон Алламов, Бекзод Раҳимбоевлар айнан ҳам ўша минтақадан етишиб чиқишган. Вилоятда велоспорт анча ривожланган. Чекка-чекка худудларда ҳам велоспорт секциялари ишлаб турибди. У ердаги маҳаллий ҳокимликлар томонидан велосипедлар харид қилиб берилган. Малакали мураббийлар фаолият олиб боришмоқда. Шу пайтгача Хоразмдаги ОЗКга бир йилда уч нафаргина ўқувчи қабул қилинган. Табиийки бу квоталар вилоят учун етарли эмасди. Жой етишмаслиги сабабли улар Тошкент, Тошкент вилояти, Қорақалпоғистонга бориб ўқишга мажбур бўлишган. Бизга МОҚ томонидан шундай имконият яратиб берилдики, унга кўра квота икки баробар оширилди. Энди Хоразм вилояти вакиллари ўз вилоятида, ота-онасини бағрида бемалол ўқишлари, маҳоратларини тоблаб боришлари мумкин бўлади. Нафақат Хоразм, балки, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Наманган вилоятларида квоталар кўпайтириб берилди. Тошкент ва Наманганда велотреклар мавжуд. У ердаги ОЗКларга асосан велотрек йўналишида ўқувчилар қабул қилинадиган бўлди. Квота ҳам икки баравар ошириб берилди.

— ОЗКларни оптимизация қилиш баҳонасида энг аввало ўша ердаги имкониятдан келиб чиқилди, қайси вилоятдаги ОЗКда қандай спорт тури билан шуғулланиш учун ўқув-машғулотлар базаси мавжудлиги ўрганилди ва айнан шунга асосан спорт турлари тақсимланди. Сиз нима деб ўйлайсиз, амалга оширилаётган саъи-ҳаракатлар, олиб борилаётган ислоҳотлар спортимиз ривожига қандай таъсир кўрсатади?

— Ўйлашимча, жуда катта ишлар қилинмоқда. Айтганимдек, шу кунгача у ердаги аҳвол ҳақида билмаганмиз. МОҚ раҳбари Умид Аҳмаджонов таъкидлаганидек, энди бевосита МОҚ, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, федерация вакиллари қабул жараёнида иштирок этадилар. Энди биз коллежларга кимлар ўқишга кираётганини билиб тура оламиз. Велоспорт бўлимида энди боксчи ёки курашчи ўқишига йўл қўйилмайди. У ерда айнан велоспортчи таҳсил олади ва терма жамоамизга мос бўлган спортчи етиштирилади.

— Сиз яқинда Осиё велосипед спорти федерациясининг вице-президентлиги лавозимига ҳам сайландингиз. Ушбу лавозимда ўзбек велоспортини янада ривожлантириш, оммавийлаштириш учун қандай ишларни амалга ошириш режасидасиз? Ҳозир эътибор берадиган бўлсак, юртимиз кўчаларида кўпчилик ҳаваскорлар даражасида велосипедлар миниб юришибди. Бу ҳам қайсидир маънода аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистоннинг велосипед спортидаги ғалабалар салмоғини ошириш йўлида қандай мақсадларингиз бор?

— Оммавийлик ҳақида тўғри айтдингиз. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳам велосипед соғлиқни тиклаш йўлида энг яхши воситалардан бири эканлиги ҳақида гапириб ўтдилар. Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) билан ҳамкорликда ҳам қўшма лойиҳамиз мавжуд. Шунингдек, Наманганда OSCE ёрдамида велойўлакчалар ташкил қилинди. У бугунги кунда ҳам ишлаб турибди. Тошкент шаҳрида велосипед йўлакчалари бунёд этилмоқда. Метро атрофида, Амир Темур ҳиёбонидан Юнусобод мавзесигача велойўлак яратиш жараёни кетмоқда.
Хабарингиз бор, декабрь ойида халқаро велосипедчилар иттифоқи президенти Давид Лапартье Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бунгача юртимизга хеч қачон ушбу ташкилот раҳбари келмаганди. Лапартье Президентимиз томонидан спортга қаратилаётган эътибордан ҳайратда қолди. Шунингдек, у киши халқаро конгрессда ҳам Ўзбекистон велосипед спортида амалга оширилаётган ишлар ҳақида алоҳида гапириб ўтди. Бизни қўллаб-қувватлаш мақсадида, Марказий Осиё минтақасидан вакил сифатида Халқаро велоспортчилар иттифоқи ва Осиё велосипед спорти конфедерацияси президентлари ташаббуси билан ушбу лавозимга номзодим қўйилди.
2019 йилда шоссе бўйича Осиё чемпионати Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу бўйича режалар тасдиқланган. Ушбу Осиё чемпионати 2020 йилда Токиода ўтказиладиган Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи мусобақа ҳисобланади. Қитъа чемпионатида шоссе йўналишида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган спортчилар Олимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритадилар.Шунингдек Осиё велосипед спорти конфедерацияси билан тузилган меморандум асосида бизга имкониятлар, шароитлар яратилмоқда. Миллий олимпия қўмитаси ёрдамида спортчиларимиз бир ой давомида Бирлашган Араб Амирликларида Осиё чемпионатига муносиб тайёрланиш учун ўқув-машғулот йиғинларини ўтказишди. Қолаверса, апрель ойида юртимизга Франциядан малакали мураббий келиб, мураббийларимиз учун семинар ўтказиш борасида ҳам келишувга эришдик.

— Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлардан шахсан ўзингиз спорт федерацияси раҳбари сифатида қандай ўзгаришлар сезяпсиз? Ишга бўлган муносабат, қўйилаётган талаблар, кутилаётган натижалар мисолида оладиган бўлсак қандай ўзгаришлар бор?

— Ишонч билан айтишим мумкинки МОҚ раҳбарияти томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар тез орада ўз самарасини беради. Қолаверса, нафақат Миллий олимпия қўмитасида, балки бутун республикамиз спортида катта ўзгаришлар бўлмоқда. Тизимга ёндошув ва муносабат бутунлай ўзгарган. Бевосита спортнинг ичига кириб борилмоқда. Муаммо ва камчиликлар энг қуйи поғоналардан ўрганилмоқда. Аввал муаммолар фақат юзаки ўрганилгани боис ҳам, уларни бартараф этишга ҳарчанд уринманг, ортидан бошқаси келиб чиқаверарди. Федерациялардаги мавжуд муаммолар, юзага келаётган камчиликлар эндиликда Миллий Олимпия қўмитаси орқали ҳал қилинмоқда. Бунинг натижасида МОҚнинг обрўси ва нуфузи анчагина ошди. Агар билсангиз, аввал велоспортда мураббийларнинг ўз севимли спортчиси бўлган. Улар ўша “ёқимтой”ларини турли мусобақаларга олиб бораверишган. Лекин, натижага келганида доим оқсаганмиз. Афсуски, велоспортда гуруҳбозлик ҳам авж олганди. Бунинг натижасида спортнинг ушбу тури ривожланиш ўрнига бир жойда депсиниб тураверган. Янги раҳбарият билан маслаҳатлашган ҳолда бундай ҳолатга янгича ёндошув бўлди. Аввалги натижалар кўриб чиқилди, таҳлил қилинди. Эндиликда спортчилар халқаро мусобақаларга жўнаб кетишдан аввал ўзимизда синовдан ўтадилар. Токи улар орасида энг муносиблари халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилсин.

МОҚ билан ҳамкорликда олиб бораётган ишларимиз секин аста самара беришни бошлади. Тўрт йилдан бери трек йўналишида яхши натижа кўрсата олмагандик. Одатда шоссе бўйича баҳсларда иштирок этадиган Муроджон Холмуродов бир неча йил давомида ўзини трек йўналишида ҳам синаб кўриши борасидаги таклиф билан чиқиб келган. Аммо, ўша гуруҳбозлик туфайли унга бундай имконият берилмаганди. Бу сафар эса Холмуродовга имконият берилди ва у биринчи уринишдаёқ натижа кўрсатди. Ўсмирларимиз ҳам халқаро мусобақаларда совринли ўринлардан жой олишмоқда. Бунинг замирида энг аввало давлатимиз раҳбарининг эътибори, қолаверса Миллий олимпия қўмитаси ва Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ғамҳўрлиги ётибди десам муболаға бўлмайди. Муҳими, биз тўғри йўлдан кетяпмиз. Раҳбарият томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор, яратилаётган шароитлар, хорижий йиғинлар ўз самарасини бериши аниқ. МОҚ раҳбари керак бўлса бизга чет элдан малакали мураббий ҳам олиб келишга тайёр эканлигини маълум қилди. Бир сўз билан айтганда велосипед спортида тизим янгиланмоқда.
Афсуски, айрим оммавий ахборот воситалари, айниқса баъзи интернет нашрларда спорт соҳасидаги ислоҳотларга, жумладан Миллий олимпия қўмитасининг олиб бораётган сиёсатига фақат танқидий рухда, қандайдир ноҳолис тарзда фикр билдирилмоқда. Мамлакатда спортни ривожлантириш йўлида ОАВнинг ҳам ўрни жуда катта. Шундай экан, биз бирлашиб ишлашимиз керак. Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, спорт федерациялари, мухлислар, ОАВ бирлашгандагина катта натижаларга эриша оламиз. Фурсатдан фойдаланиб, ОАВдан Президентимизнинг спортга оид юритаётган давлат сиёсатини, МОҚ томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни одилона ёритиб боришларини, вазиятга ҳолислик принципларидан келиб чиқиб ёндошошларини сўраб қолган бўлар эдим.

Сўзим якунида шуни таъкидламокчиманки, муҳтарам Президентимиз, қолаверса МОҚ ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан белгилаб берилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши жисмоний тарбия ва оммавий спортнинг жамиятимиз ҳаётидаги ролини янада кучайтириш, аҳолининг барча қатламлари орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларга ўз қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни яратиш орқали уларни оммавий тарзда спортга, соғлом турмуш тарзига ошно қилиш, шунингдек, энг нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётган машҳур спортчиларимиз сафи тобора кенгайишига хизмат қилади.



< Вернуться к списку новостей









Uzbekistan Cycling Federation

Наш адрес:
100000, Ташкент, ул.Мухбир, 12 (Ориентир Велотрек и гостиница "Олимпия")

Tel/Fax:
(+998 71) 228-40-98, (+998 71) 228-40-97


Присоединяйтесь к нам:

FACEBOOK
TWITTER
INSTAGRAM
    О ФЕДЕРАЦИИ
- О федерации
- Задачи и Цели
- Руководство
- Региональные Федерации
- Партнёры

ТРЕК / ШОССЕ
- Сборная
- Календарь
- Результаты соревнований
- Континентальный велоспортивный клуб "Tashkent"

НОВОСТИ


Яндекс.Метрика
  ВЕЛОСПОРТ ДЛЯ ВСЕХ
- Советы для начинающих
- Обучающее видео
- Спортивные школы

ОФИЦИАЛЬНЫЕ ДОКУМЕНТЫ
- Положения и Постановления
- Антидопинг
- Правила велоспорта

ГАЛЕРЕЯ
- Фото
- Видео

КОНТАКТЫ




© 2013 — 2018. UZBEKISTAN CYCLING FEDERATION. Все права защищены.