Эпидемиологик вазият барқарорлашган мамлакатлар билан авиақатновлар йўлга қўйилиши баробарида халқаро тадбирлар ҳам бўлиб ўтмоқда. Жумладан, Туркияда бир қатор спорт тадбирлари ташкил қилинаётган боис кўплаб терма жамоалар ушбу мамлакатга ташриф буюрмоқда. Эртага тунда велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Туркияга йўл олади. Бугун МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси мутасаддиларини бўлажак сафар олдидан қабул қилди. Учрашувда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ва МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Абдушукур Садиков ҳам қатнашди.
Дастлабки учрашув велоспортчиларимиз билан бўлди. Унда федерация бош котиби Козим Ўринбойхўжаев ва унинг маслаҳатчиси Фарруҳ Худойқулов, Токио-2020 лицензиати Муроджон Холмуродов ва жамоа катта мураббийи Руслан Каримов иштирок этди. Суҳбатда Муроджон Холмуродов ҳамда Ольга Забелинскаянинг Токио-2020 Олимпия ўйинларига тайёргарлиги, шунингдек, ушбу спорт турида профессионал жамоа тузиш мавзуси кун тартибидаги асосий масалалар бўлди. Федерация мутасаддиларининг маълум қилишича, ҳозирда профессионал жамоа Халқаро велосипедчилар иттифоқидан рўйхатдан ўтган. Ана энди ушбу жамоани молиялаштириш ва таркибни кучли спортчилар билан тўлдириш устида иш олиб борилмоқда. Велоспортчиларимиз қарийб 2 ой давомида Туркияда бўлишади ва унда 10 га яқин халқаро мусобақалар, шунингдек, ўқув-машғулот йиғинида иштирок этишлари режалаштирилган.
“Ҳукуматимиз томонидан Токио Олимпиадасигача бўлган давр учун кўзда тутилган сарф-харажатлар тўлиқ молиялаштирилди. Бунинг учун давлатимиздан миннатдормиз. Биз эса бунга ўз ғалабаларимиз билан жавоб беришимиз лозим. Шунингдек, спортимизни янада ривожлантириш борасида қандай таклифлар бўлса, биз уни кўриб чиқишга доимо тайёрмиз ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.
< Вернуться к списку новостей |
© 2013 — 2021. UZBEKISTAN CYCLING FEDERATION. Все права защищены. |