2021-08-07

Ўзбекистонда велоспорт бўйича халқаро мусобақаларни ташкил этиш масалалари муҳокама этилди

Туризм ва спорт вазирлигида Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Осиё велоспорт конфедерацияси (АСС) Президенти Осама Аҳмад Ал-Шаффарнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Унда велоспортни ривожлантириш, АCC ва Ўзбекистон велоспорт федерацияси ўртасида халқаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистонда велоспорт бўйича халқаро мусобақаларни ташкил этиш, шу орқали туризм имкониятларини оширишга доир масалалар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, велоспорт бўйича йирик мусобақаларга мезбонлик қилиш спорт турида ўсишга эришиш билан бир қаторда, туризмни ҳам тарғиб қилади.

– Шу мақсадда биз бугун Осиё велоспорт федерацияси президенти билан бир қатор мусобақалар хусусида суҳбат қурдик, – деди Азиз Абдуҳакимов. – Ўзбекистон жаҳоннинг бир қатор мамлакатларида бўлиб ўтадиган «Tour de France», «Giro d’Italia» спорт мусобақалари каби ўз брендига эга бўлади. Ушбу турнирлар миллионлаб томошабинларни ўзига жалб қилади, шунингдек, туристик потенциалнинг ошишига хизмат қилади.